20сен

Оналар ва болалар саломатлиги доимий эътиборда

Сўнгги йилларда Хоразм вилоятида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Асосий эътибор – опа-сингилларимиз ҳаёти учун хавф соладиган турли хасталикларни бартараф этиш, чақалоқларда учрайдиган генетик касалликлар, туғма ногиронлик ҳолатларини олдини олишга қаратиляпти. Биргина мисол, вилоят перинатал маркази томонидан аёлларда ҳомила даврида чақалоқдаги турли ирсий касалликларни аниқлашнинг энг самарали усули – ноинвазив скрининг текшируви амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан мазкур текширув давомида ҳомиласида айрим нуқсонли аломатлар аниқланган аёлларда амиотсентез тести амалга оширилиб, бу орқали ҳомиладаги турли хил генетик, хромосом касалликларни эрта аниқлашнинг имкони пайдо бўляпти.
– Марказимиз томонидан аёллардаги ҳомиладорлик даврида кардиотокография текширувлари ҳам ўтказиб келиняпти, — дейди Хоразм вилоят перинатал маркази раҳбари Саломат Матёқубова. — Ушбу амалиёт ҳомила даврида чақалоқдаги юрак билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, онадаги касалликнинг болага таъсири, ҳомила гипоксияси, тартибсиз юрак уруши сингари бир қатор салбий ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўришда муҳим аҳамият касб этяпти. Мазкур текширув усули ниҳоятда қулай ва энг асосийси, она ва чақалоқ учун мутлақо хавфсиз ҳисобланади.Марказда янгича даволаш услублари жорий этилиши туфайли оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кўплаб ютуқларга эришиляпти. Жумладан, ўта кам ва кам вазнли чақалоқларнинг яшаш имконияти оширилди. Марказнинг энг сўнгги турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиши натижасида ҳатто, 500 грамм вазнда туғилган чақалоқларни парваришлаш ва реабилитация қилиш йўлга қўйилди.
Вилоят перинатал марказида неонатал хирургия йўналиши бўйича чақалоқларда ўтказиладиган амалиётларнинг салмоғи ва сифати ошиб, ундан кейинги парвариш янада яхшиланди. Бу ерда даволанаётган оналар ва чақалоқларда 7 хил турдаги қон таҳлилларини аниқлаш имкони яратилди. Аёллардаги гинекологик ва бошқа касалликларни даволаш мақсадида замонавий турдаги лапароскоп ва гистероскоп аппаратлари келтирилди. Юқори технологик амалиётларни қўллаш натижасида 90 фоиз оғир асоратли аёлларда репродуктив функция сақланиб қолинишига эришиляпти.Вилоят скрининг маркази ҳам бугунги кунда қўшимча замонавий ультратовуш ва доплер аппартлари билан таъминланди. Натижада ҳомиладорликда патологияларини эрта аниқлаш имкониятлари кенгайди ва ўз навбатида вилоятда нуқсонли чақалоқлар туғилиши сезиларли даражада пасайди.